Ўзбекистонда 1 мартдан терминалсиз савдо қилиш ва пулли хизмат кўрсатиш тақиқланади

Ўзбекистонда 1 мартдан терминалсиз савдо қилиш ва пулли хизмат кўрсатиш тақиқланади

Шу йилнинг 1 мартидан Ўзбекистондаги чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги барча тадбиркорлик субъектларида терминаллар бўлиши мажбурий ҳисобланади. Бу Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг пул билан боғлиқ муносабатларни такомиллаштириш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш тўғрисидаги қарорида белгилаб қўйилган.

Барча савдо нуқталарини терминаллар билан таъминлашни жадаллаштириш мақсадида терминаллар қисқа муддатда етказиб берилиб, тадбиркорлик субъекти ариза топширган кундан 3 кун ичида рўйхатдан ўтказилади.

Шунингдек, пластик карточкалар орқали тўлов қилмоқчи бўлган харидорларга юқори нархлар белгиланишига йирик миқдордаги жарималар белгиланади. Агарда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари нақд ёки карта орқали ҳисоб-китоб қилиш шаклига қараб нархларни сунъий равишда оширса ёки туширса, бунинг учун энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима қўлланади.

Давлат солиқ қўмитасига 10 кун ичида чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида терминаллар мавжудлиги, назорат-касса машиналаридан фойдаланиш, талон ва чекларнинг берилиши, нақд пул тушумини тўлиқ ҳажмда топшириш масалалари, нархлар сунъий оширилмаётгани ёки туширилмаётгани бўйича текширувлар ўтказиш вазифаси юкланган. Шу билан биргаликда бу шаклдаги текширувлар Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссиясининг махсус рухсатини талаб этувчи солиқ текшируви ҳисобланмайди.

Марказий банк жиҳозлашни кенгайтириш ва амалий фойдаланиш учун анча қулай шарт-шароитлар яратишни инобатга олган ҳолда ҳисоб-китоб терминалларини тадбиркорлик субъектларига ижарага бериш ва сотиш механизмини қайта кўриб чиқишга кўрсатма олди.

Шунингдек, истеъмол талабини ва тадбиркорлик суъбектларининг ишлаб чиқариш фаолиятини рағбатлантириш, шунингдек нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тизимини янада ривожлантириш мақсадида халқаро амалиётда фойдаланилаётган пластик карта орқали аҳолига қисқа муддатли истеъмол кредитларини беришнинг замонавий механизмларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар комплекси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Банкларга жорий ва келгуси йил истисно қилинган ҳолатда тўлов терминаллари, инфокиосклар, банкоматлар ва бошқа ускуналар импортига тендер-танлов савдоларини ўтказмасдан шартномаларни тузишга ижозат берилди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига «Ўзбекэнерго» компанияси билан биргаликда чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини сифатли ва узлуксиз алоқа билан таъминлаш, бунда Ўзбекистоннинг тоғли ва узоқ ҳудудларига алоҳида эътибор қаратиш вазифаси топширилди.

Президент Девонининг Мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати банкларда ҳисоб рақамлардан нақд пулларни бериш ва пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ қонунбузарликларга оид шикоятлар устидан назоратни кучайтиради.

Манба: kun.uz

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно


© 2016 Зарафшон шахар хокимлиги
Ортга қайтиш