Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгашининг Қ А Р О Р И
“ 27 ” апрель 2018 й (г). № 29/153
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан Зарафшон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалга оширилган ишлар натижалари тўғрисида.
Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясини амалий руёбга чиқариш доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар кундалик ҳаётимизда ўзининг амалий натижаларини бермоқда.
Давлат органлари ўз фаолиятини “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида олиб бормоқда.
Ана шу тамойил асосида Навоий вилоятидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонучилик палатаси депутатлари ҳамда Сенат аъзолари жорий йилнинг 20-27 апрель кунлари Зарафшон шаҳрида аҳоли билан мулоқотлар олиб бориб, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволи билан яқиндан танишдилар.
Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари билан хонадонларда ўтказилган суҳбатлар, аҳоли билан учрашувлар, шунингдек ижтимоий соҳа объектларида ўтказилган ўрганишлар давомида 82 та турли масалаларда мурожаатлар бўлиб, шундан 20 дан ортиғи шаҳар мутасаддилари иштирокида ижобий ҳал қилинди.
Шунингдек, фуқаролар томонидан кўтарилган 12 та шаҳар миқёсида, 8 та вилоят миқёсида ҳамда 4 та республика миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар белгилаб олинди.
Зарафшон шаҳри аҳолиси билан ўтказилган мулоқот ва учрашувлар, шунингдек ўрганишлар давомида кўтарилган долзарб масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан чоралар кўрилди.
Зарафшон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани янада ривожлантириш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалаларини атрофлича муҳокама қилиб, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 24-моддасига мувофиқ халқ депутатлари шаҳар Кенгаши
Қ А Р О Р Қ И Л А Д И:
- шаҳар Тиббиёт бирлашмаси тасарруфида кўп тармоқли марказий поликлиника фаолиятини кенгайтириш чораларини кўриш;
- шаҳардаги корхона ва ташкилотларнинг ходимларини шунингдек мактаб ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини қайта кўриб чиқиб икки хафта муддатда тегишли режа-жадвал тузиш ва уни амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш;
- фертил ёшидаги, кекса ёшдаги, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини доимий тиббий кўрикдан ўтказиб боришвазифалари топширилсин.
- Даугизтау ҳудудида яшовчи аҳолини Зарафшон шаҳрининг тезкор 103 рақамига боғланиш масаласини ечиш вазифалари топширилсин.
- НКМК Марказий кон бошқармасига қарашли 3-сонли Тиббиёт-санитария қисмида Соғлиқни сақлаш вазирининг 122-сонли буйруғи ижросини таъминлаш;
- тез тиббий ёрдам бригадасини биринчи ёрдамда зарур бўлган дори-воситалари билан ҳамда, скрининг марказини тегишли реактивлар билан таъминлаш;
- 3-сонли тиббиёт-санитария қисмига қарашли биноларни таъмирлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш;
- Марказий кон бошқармасига қарашли 3-сонли тиббиёт-санитария қисмида санитария-гигиена ва даволаш ишлари бўйича Республикамизда ўрнатилган талабларга риоя этилиши устидан доимий назорат этиб бориш вазифалари юклатилсин.
- шаҳар аҳолисини иш ўринлари билан таъминлаш бўйича маълумотларни нотўғри (яшириш) берган шаҳардаги корхона ва ташкилотлар раҳбарларига қонунчиликда ўрнатилган тартибда чора кўриш;
- яратилаётган янги иш ўринлари бўйича реал маълумотларни мувофиқлаштирилган тизимини жорий қилиб икки ҳафта муддатда шаҳар ҳокимлигига тақдим этиш;
- фуқароларга ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш амалиётини “Обод қишлоқ” дастури лойиҳасида ҳам давом эттириш вазифалари топширилсин.
- ўн кун муддат ичида педагог кадрлар салоҳиятини янада ошириш, хорижий тиллар фани тўгараклар фаолиятини кучайтириш, қозоқ тилидаги адабиётлар билан таъминлаш;
ўқувчиларнинг кийиниш маданиятига риоя этилиши ва мобиль алоқа воситаларидан фойдаланиш тартиби ҳамда мақсадсиз пул йиғимларига чек қўйишни олдини олиш чораларини кўриш;
- маҳаллаларда ўқувчиларнинг ота-оналари ўртасида ўқувчиларнинг мактабда мобиль алоқа воситаларидан фойдаланишни олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш вазифалари юклатилсин.
- мактабгача таълим муассасаларида мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда қамровни кўпайтириш;
- болаларни мактабгача таълим муассасаларга қамраб олишни кўпайтириш мақсадида қисқа муддатли гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш;
- шаҳарда 3-7 ёшли болаларнинг 18 фоизи мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаганлигини инобатга олиб, давлат-хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш чораларини кўриш вазифалари юклатилсин.
- бир ой муддатда кўп қаватли уйлар орасидаги ҳамда йўлларда ўрнатилган йўл белгилари, пиёдалар йўлкалари ва ўзбошимчалик билан ўрнатилган бошқа тўсиқларнинг ҳолатини таҳлил қилиб белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқлаштириш;
- йўлларда пиёдалар ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатланишини тартибга солиш мақсадида белгиланган “Пиёдалар ўтиш жой”ларини меъёрий нормаларга мослаштириш масалаларини шаҳар ҳокимлигидаги Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги комиссиясида муҳокама этиш ва амалга оширилган ишлар тўғрисида шаҳар Кенгашига ёзма ҳисобот бериш вазифалари юклатилсин.
- шаҳарда содир этилган жиноятларнинг содир этилиш сабаблари ва бунга имконият яратиб берган шарт-шароитларни тўлиқ ўрганиш, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ва жамоатчилик иштирокида муҳокамалар ўтказиб бориш;
- муқаддам судланганлар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида улар билан доимий равишда профилактик тадбирлар олиб бориш, уларни доимий иш билан таъминлаш чораларини кўриш;
- шаҳар ҳудудидаги маҳаллаларда жиноятчиликнинг, турли салбий ҳолатларнинг олдини олишда “маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмасининг ролини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида шаҳардаги 13 та маҳалла фуқаролар йиғини посбонларига шаҳар маҳаллий бюджети биринчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисмидаги маблағ ҳисобидан 13 (ўн уч) дона велосипед олиб бериш вазифалари топширилсин.
- 2018 йил 1 июнгача шаҳар кўчаларидаги дарахт ва гул кўчатларини суғориш учун ажратилаётган лимит меъёри сарфланишини таҳлилий муҳокама қилиш ва ажратилаётган лимитнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича шаҳар ҳокимига ёзма ахборот киритиш;
- иситиш тизимида иссиқлик энергияси сарфи ва унга белгиланган тўловлар асослилиги ва тегишли ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга мувофиқлигини аниқлаш ва иситиш тизими учун тўланадиган маблағлар уни реал қўшиш-ўчириш вақтига мослигини текшириш ва якуни билан халқ депутатлари шаҳар Кенгашига ёзма маълумот бериш вазифалари топширилсин.
- аҳоли орасида жойлардаги рухсат этилмаган чиқиндихоналарга чиқинди ташлаш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини бўйича тарғибот ишларини кучайтириш;
- шаҳар “Тоза худуд” ДУК фаолият юритиши ҳамда махсус чиқинди ташиш транспортларини сақлаш учун автогараж ва маъмурий бино қуриш учун жой ажратиш;
- шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси, НКМК Марказий кон бошқармаси УЖКБ ҳамда аҳоли томонидан кўкаламзорлаштириш ҳамда қурилиш таъмирлаш ишлари олиб бориш давомида ҳосил бўладиган қурилиш ва бошқа турдаги чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташланиши оқибатида тўпланиб қоладиган чиқиндиларни ўз вақтида чиқариб кетилиши учун манзилли йўл-харитасини жорий йилнинг 10 майига қадар шаҳар ҳокими тасдиғига киритиш вазифалари юклатилсин.
Кенгаш раиси М.Базаров