“ҲОКИМ ВА ЁШЛАР”
лойиҳаси доирасида “Иқтидорли ёшлар – юрт таянчи” фестивали
Шаҳримиздаги “Олтин водий” маданият уйида “Иқтидорли ёшлар – юрт таянчи” номли анжуман бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ватанимиз келажаги иқтидорли, зукко ўғил ва қизлар қўлида эканлигининг яққол намунаси бўлди. Шаҳримиздаги иқтидорли, зукко, билимли, спортда, илм-фанда юксак марраларни забт этаётган бир гуруҳ ўқувчилар ва уларнинг устоз-мураббийларини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган анжуманда ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари, таълим муассасалари раҳбарлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Айтиш жоизки, шаҳримизда ақл-заковатли, истеъдодли ёшлар талайгина. Тантанали тадбирда улар эришаётган муваффақиятлар, бунда устозларнинг ҳам хизматлари беиқёс эканлиги эътироф этилди. Анжуман давомида “Билимлар беллашуви - 2017” танловининг республика, вилоят босқичи, шунингдек, “Фан олимпиадаси”, “Умид ниҳоллари” спорт мусобақалари ғолибларига ва уларнинг ўқитувчи, мураббийларига шаҳар ҳокими М.Базаров ҳамда мутасадди ташкилот раҳбарлари эсдалик совғалари топширишди. Шундан сўнг 7-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда умумтаълим мактабларининг иқтидорли ўқувчилари ижросидаги дилтортар наволар билан анжуманга файз киритишди.
Г.Бобомуродова.