КОМИССИЯ РАИСЛАРИ МАЛАКА ОШИРИШДИ

КОМИССИЯ РАИСЛАРИ МАЛАКА ОШИРИШДИ

Зарафшон Академик лицейида фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари раисларининг малакасини ошириш мақсадида икки кунлик ўқув анжумани ўтказилди.

Ўқув анжуманининг биринчи куни шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.Ҳакимов “Фуқаролар йиғинлари фаолиятини қўллаб-қувватлашдаги долзарб вазифалар” мазусида маъруза қилди.

- Мустақилликнинг дастлабки йилларидан юртимизда маҳалланинг нуфузини кўтариш нафақат иқтисодий-ижтимоий, балки сиёсий, тарбиявий, улкан маънавий масала эканлиги устувор вазифа сифатида белгиланди, - деди ҳоким ўринбосари ўз маърузасида. - Жамиятимиз ҳаётининг ажралмас бир қисми сифатида ушбу тузилманинг мақомини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва бу ишлар бугунги кунда ҳам жадал равишда амалга ошириб келинмоқда. Бугунга келиб фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари раисларига ҳам катта вазифалар юклатилмоқда. Бугун шаҳримиздаги мавжуд 13 та маҳалла фуқаролар йиғинларида самарали меҳнат олиб бориш учун барча шароитлар яратилган. Уларнинг ҳар бирида 2 тадан 5 тагача замонавий компьютерлар мавжуд. Шундай экан барчангиз жамиятимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида сидқидилан меҳнат қилишларингиз лозим. Бу йўлда барчангизга омад тилаб қоламан, - дея маърузасини якунлади шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.Ҳакимов.

Шундан сўнг фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги жамоатчилик комиссиялари раислари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисчида”ги, 2017 йилнинг 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракат стратегияси тўғрисида”ги фармонлари, жамоатчилик комиссиялар раислари ва маслаҳатчилари фаолиятини янада кучайтириш, диний экстремизм, ақидапарастлик, миссионерлик ва прозелитизмнинг аҳоли онгига салбий таъсири ва бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ҳамда бошқа мавзуларда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича шаҳар кенгаши раисининг биринчи ўринбосари У.Очилов, шаҳар ҳокими ўринбосари Н.Акрамова, шаҳар имом-хатиби К.Шодмонов, шаҳар Маънавият тарғибот бўлими раҳбари И.Саидов ва бошқалар маъруза қилишди.

- Ўзим яшайдиган фуқаролар йиғини ҳузуридаги жамоатчилик комиссияси раисман, - деди “Геолог” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зуҳриддин Икромов. - Илгари мазкур соҳада меҳнат қилмаганим учун айрим қийинчиликларга дуч келаман. Ўтказилган мазкур ўқув анжумани мен каби илк бор сайланганларга тажриба майдони бўлди, десам адашмайман. Тадбир давомида шаҳар ва вилоят мутасадди раҳбарлари томонидан иш фаолиятимиз давомида нималарга эътибор беришимиз, келажакда қандай ишларни амалга оширишимизни билиб олдик. Бу эса фаолиятимиз самарадорлигини таъминлайди.

Савол-жавобларга бой тарзда ўтказилган ўқув анжуманида шаҳримиздаги мавжуд маҳалла фуқаролар йиғинларининг жамоатчилик комиссиялари раислари иштирок этишди.

Д.БОБОМУРОДОВ.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно


© 2016 Зарафшон шахар хокимлиги
Ортга қайтиш