Қадрли дўстлар!
Шу кунларда ҳар биримиз ўз ҳаётимизда ўчмас из қолдирган 2019 йил билан хайрлашиб, эзгу қадамлар билан кириб келаётган 2020 йилни кўтаринки кайфият ва яхши ниятлар билан қарши олмоқдамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, бутун шаҳримиз аҳлини ушбу қутлуғ айём — Янги йил байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Дарҳақиқат, бугун барчамиз ўз якунига етаётган 2019 йилни зўр қувонч ҳамда эзгу таассуротлар билан кузатар эканмиз, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” шаҳримиз аҳли учун ниҳоятда омадли келганини, унинг замирида барча соҳа вакилларининг улкан хизматлари мужассамлигини мамнуният билан эътироф этаман.
Шуни мамнуният билан алоҳида таъкидлаш лозимки, улкан ютуқларга бой бўлган йилда ҳар бир соҳа бўйича улкан натижаларга эришилиб, бунёдкорлик, аҳоли ҳаёт даражасини яхшилаш ва юрт фаровонлиги йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Биргина бунёдкорлик соҳасини олиб қарайдиган бўлсак, шаҳар аҳолиси, хусусан, ўз яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож оилалар учун 45 хонадонли, 8 та кўпқаватли уй-жойлар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, аҳолини маданий ҳордиқ олиши учун шароитларни яхшилаш мақсадида Марказий кон бошқармаси маблағлари ҳисобига Фавворалар сайлгоҳининг барпо этилиши нафақат шаҳримиз кўркига кўрк қўшди, балки кўпмиллатли ҳамшаҳарларимизнинг қувончига асос бўлди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби, бугун навқирон шаҳримизда ҳам юрт равнақи йўлида кенг кўламли яратувчанлик ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётганлигини мамнуният билан эътироф этиш лозим.
Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида шаҳримизда биргина давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 7 та ижтимоий объектлар яъни, 2 та умумтаълим мактаблари ва 4 та маҳалланинг янги бинолари ҳамда 1 та давлат шерикчилиги асосидаги боғчада қурилиш ишлари олиб борилди. Барча умумтаълим мактабларида капитал реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шунингдек, 8 та оилавий боғча барпо этилиб, болаларимиз ихтиёрига топширил аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Энг қувончлиси, кириб келаётган 2020 йилда муҳтарам Президентимизнинг шу йил 17 ноябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилги Инвестиция дастури тўғрисида"ги қарори асосида биргина вилоятимизда қарийб 1,5 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилишининг режалаштирилганлиги мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби вилоятимизда ҳам улкан бунёдкорлик, модернизациялаш ишларининг йилдан-йилга барқарор ўсиб, қамровининг янада кенгайиб бораётганлигини кўрсатади.
Ўтиб бораётган 2019 йилга “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб ном берилиб, шу асосда қабул қилинган давлат дастури доирасида шаҳримизда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди ва амалга оширилмоқда.
Хусусан, Хитой инвестицияси иштирокида “Централ Азия Шенг Веи Лонг” ҚК тўғридан-тўғри инвестиция ҳажми 135 млн АҚШ долларини ташкил қилувчи цемент заводи қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилиши натижасида жами 300 дан зиёд янги ишчи ўринлари ташкил қилинади ва шаҳар экспорт салоҳияти кескин кўтарилади ҳамда шаҳримиз бюджетига солиқ тушуми сезиларили даражада ортади.
Бундан ташқари “Ан Шун Макс конструкшион Зарафшан” МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси ташкил этилди. Натижада 5 миллион долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб мармар плиталар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконияти вужудга келди.
“Амесса-Зарафшон текстиль” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган тикув-трикотаж маҳсулотлари океанорти мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Бугунги кунда мазкур корхонада 300 нафар хотин-қизларимиз муқим иш жойларига эга бўлишди.
Шу йилнинг ўзида Хитойнинг “Shaanxi Yangling Fengao Fаrmiпg Co.ltd” билан умумий қиймати 3 миллион АҚШ долларилик меморандум имзоладик. “Zhejiang Riwa Group Co.ltd” компанияси билан шаҳримизда пигмент бўёқлар ва уларнинг ярим маҳсулотларини ишлаб чикарувчи кимё заводини қуриш бўйича 50 миллион АҚШ долларилик келишувга эришилди. Зарафшон шаҳрида мармар ва гранит тошларини қазиб олиш борасида ҳам “Xi Sheng Jin Kou Shi Cai Co.ltd” компанияси билан 5 миллион АКШ долларилик инвестицион келишишув имзоланди. Шу билан бирга ХХРнинг Урумчи шаҳрида “Xinjiang cloud computing information technology Co.ltd” компанияси билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган 5 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳани амалга ошириш ҳақида ҳам битими имзоланди. Ушбу лойиҳалар 2020 йилда амалга оширилади.
Кўзда тутилган ушбу ишларнинг барча-барчаси, ҳеч шубҳасизки, ўзининг мантиқий якунига етказилади, кўзланган мақсадга эришилади.
Азиз дўстлар!
Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор барчангизни кириб келаётган Янги — 2020 йил билан чин юракдан самимий табриклайман.
Сизларга мустаҳкам соғлик-саломатлик, оилавий бахту саодат, Ватанимиз равнақи йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Янги йилда хонадонингиздан чексиз қувонч, файзу барака, тинчлик-осойишталик аримасин!
Буюк ва муқаддас Ватан - жонажон Ўзбекистонимиз осмони ҳамиша мусаффо бўлсин!
Янги йилингиз муборак бўлсин!
А.РАДЖАБОВ,
Зарафшон шаҳар ҳокими.