Тажриба ва маҳоратларини оширишди
Шаҳримизда умумтаълим мактаблари педагог ходимларининг касб маҳорати ва маданиятини юксалтириш, янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш, таълим тизими раҳбарлари масъулияти, ташаббускорлигини янада оширишга бағишланган август кенгашлари ўтказилди. Унда 2016/2017-ўқув йили якунлари сарҳисоб қилиниб, 2017/2018-ўқув йилида халқ таълими ходимлари олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Айтиш жоизки, истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ, ёш авлод камолига, таълим тизимига жуда катта эътибор қаратилди. Бунинг натижаси ўлароқ, бугун шаҳримизда ХТМФМТТЭБ тасарруфида 12 та умумтаълим мактаби, 5 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда. Уларда ўн уч минг нафардан зиёд ўғил-қиз таълим-тарбия олмоқда.
Шаҳримиздаги 1-Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида бўлиб ўтган август кенгашлари ялпи йиғилишида умумтаълим мактаблари директорлари, услуббирлашма раҳбарлари, психологлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари етакчилари, йил давомида юқори натижаларни қўлга киритган устоз ва мураббийлар иштирок этишди. Тадбир аввалида иқтидорли ўқувчилар томонидан Ватанни улуғловчи куй ва қўшиқлар янгради. Кўтаринки кайфиятда бошланган йиғилишни шаҳар ХТМФМТТЭБ мудири З.Бахранова очди. У ўз нутқида Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг таълим тизимини юксалтиришдаги аҳамияти, улар юзасидан амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталди. Бу борада ҳар бир услуббирлашма раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Шундан сўнг шаҳар ҳокими ўринбосари О.Ҳакимов, ИИБ бошлиғи ўринбосари, майор О.Қўзиев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши раиси А.Давронов сўзга чиқиб, истиқлол йилларида таълим тизимини ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш, унга илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айлангани, бу эса ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлашди.
Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган август кенгашлари йиғилишларига, 51 нафари 13-14 август кунлари Навоий шаҳрида ўтказилган йиғилишларда иштирок этиб қайтишди. Улар таълим тизимидаги янгиликлар, муаммо ва ечимлар борасида ўз маҳоратларини ошириб, 18-19 август кунлари 8-умумтаълим мактабларида бўлиб ўтган август кенгашлари шўба йиғилишларида ҳамкасблари билан ўзаро тажриба алмашдилар, - дейди шаҳар ХТМФМТТЭБ мудир ўринбосари М.Иброҳимова.
«Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» шиори остида ташкил этилган ушбу йиғилиш очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, қатнашчилар дарс жараёнида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг ва самарали фойдаланиш, 10-синфларни ташкил этиш, мактабгача таълим борасидаги янгиликлар юзасидан кўплаб маълумотларга эга бўлишди.
Тадбир сўнгида умумтаълим мактаблари педагоглари сафига янгитдан қўшилган ёш мутахассисларнинг қасамёди бўлиб ўтди.
Г.БОБОМУРОДОВА.