Имконият ва имтиёзлар самараси
Зарафшон шаҳридаги "Евроноти" хусусий корхонасида ишлаб чиқарилаётган 14 турдаги макарон маҳсулотлари аҳолига манзур бўлмоқда.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган йилнинг 5 октябридаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим аҳамиятга эга.
— Дастлаб 2013 йилда тижорат банкидан олинган 50 минг АҚШ доллар маблағ билан фаолият бошлаган эдик, — дейди корхона раҳбари Улуғмурод Шарипов. — Банкдан олинган кредит эвазига макарон ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий хориж ускунаси харид қилдик. Ишни замонавий технологиялар асосида ташкил этишнинг ўзи фаолиятни ривожлантириш учун кифоя қилмайди, албатта. Бунинг учун, аввало, бозор талабини мунтазам ўрганиб, маҳсулот сифатини назорат қилиб бориш, доимий изланиш талаб этилади. Аста-секинлик билан маҳсулотимиз ўз харидорларини топа олишга эришди.
4 нафар ишчи меҳнат қилаётган корхонада маҳсулотлар савдо нуқталари орқали ҳамда буюртмалар асосида Зарафшон шаҳри ҳамда Томди ва Учқудуқ туманларига етказиб берилаётир. Маҳсулот цехнинг ўзида махсус ускуналар ёрдамида қадоқланмоқда.
Соатига 120 килограмм макарон маҳсулоти ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада янги-янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жорий йилда банкнинг туман филиалидан олинган 80 миллион сўмлик кредит эвазига нон ва нон маҳсулотлари цехи ишга туширилиши режалаштирилган. Бу иш ҳажми ва даромадни ошириш баробарида 8 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Сирож АСЛОНОВ.
Манбаа: dustlikbayrogi.uz