Congue iure curabitur incididunt consequat

Одамлар турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қиладиган истиқболли лойиҳалар

Одамлар турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга хизмат қиладиган истиқболли лойиҳалар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги “Алпомиш” масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрди.  


Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар тақдимотлари ўтказилди. 

Самарқанд вилояти улкан сайёҳлик салоҳиятига эга. Туризмни ривожлантириш, сайёҳлик хизмати кўрсатиш сифатини ошириш ва йўналишларини кенгайтириш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги салоҳиятни янада ошириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Самарқанд шаҳрида эркин туристик ҳудудни барпо этиш бўйича 2017-2019 йилларга мўлжалланган лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳаларга кўра шаҳарнинг Амир Темур кўчасида сайёҳлик-кўнгилочар меҳмонхона комплекси, Самарқанд эшкак эшиш канали бўйида қишки дам олиш маскани барпо этиш мўлжалланмоқда. 

Давлатимиз раҳбарига мазкур янги сайёҳлик марказларининг имкониятлари, сайёҳларга кўрсатиладиган хизматлар, кўнгилочар масканларда халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларини намойиш этиш бўйича ташкил этиладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. 

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Самарқанд вилоятида ҳам кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, тадбиркорларнинг эркин фаолият кўрсатишини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг шу йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони соҳа учун кенг имкониятлар яратмоқда. 

Қарорга мувофиқ, "Ургут" эркин иқтисодий зонасининг Ургут туманида "Ургут-1", Нуробод туманида "Ургут-2" ва Пастдарғом туманида "Ургут-3" ҳудудлари ташкил этилди. Ушбу ҳудудлар учун жами 816 гектар ер ажратилиб, уларни зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари бошлаб юборилган. Бугунги кунда енгил саноат, маиший техника, тиббиёт жиҳозлари, фармацевтика, чарм-пойабзал, канцелярия моллари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2017-2018 йилларга мўлжалланган 83 лойиҳа тайёрланган, уларнинг 20 таси жорий йилда ишга туширилади. 

Умумий қиймати 250 миллион долларни ташкил этувчи ушбу лойиҳалар тижорат банклари кредити ва таъсисчиларнинг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Натижада 5,5 минг янги иш ўрни ташкил этилади. 

Президентимиз ушбу стратегик ҳудудни ташкил этиш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади. Ҳудудга салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиш, хориждаги индустриал зоналар фаолиятини ўрганиш ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш лозим. Ургут туманида муайян коллежни танлаб, иқтисодий зонада фаолият кўрсатадиган кадрлар тайёрлаш, бундай тажриба “Қўқон”, “Ғиждувон”, "Ҳазорасп" эркин иқтисодий зоналарига ҳам жорий этиш кераклиги қайд этилди. 

Тадбиркорлар билан мулоқотда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳитидан самарали фойдаланиш, маҳсулотлар сифатини ошириш, экспорт фаолиятини ривожлантириш, ташқи бозорларни ўрганиш ва хорижлик ишбилармонлар билан ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан тавсиялар берилди. 

 

 

Матназар Элмуродов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив