Congue iure curabitur incididunt consequat

Шавкат Мирзиеёвнинг Хитойга давлат ташрифи: қисқача тафсилотлар ва рақамлар

Шавкат Мирзиеёвнинг Хитойга давлат ташрифи: қисқача тафсилотлар ва рақамлар

 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Жинпинг таклифига биноан 11 май куни давлат ташрифи билан Пекин шаҳрига жўнаб кетди. Президентга сафарда рафиқаси Зироатхон Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.

«Шоуду» халқаро аэропортида олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Президентни ХХР расмий шахслари кутиб олди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевни 12 май куни Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши биносида расмий кутиб олиш маросими бўлди. Ўзбекистон ва Хитой давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Жинпингнинг икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.

ХХР раиси Си Жинпинг Ўзбекистон раҳбарини Хитойга биринчи давлат ташрифи билан самимий қутлади.

«Сиз билан Пекинда учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Бу йил давлатларимиз ўртасидаги дипломатик алоқалар ўрнатилганига 25 йил тўлгани ҳамкорлигимизнинг бундан кейин ҳам жадал ривожланишига замин бўлади. Бугун барча соҳаларда ҳамкорлигимиз изчил ривожланаётгани бизни қувонтиради», — деди Си Жинпинг.

ХХР Раиси Хитой ва Ўзбекистон муносабатлари янги даврга, сифат жиҳатдан янги босқичга қадам қўяётганини, бу босқич юқори технологиялар соҳасида кенг кўламли ҳамкорлик бошлангани билан изоҳланишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёев таклиф учун миннатдорлик билдирди ва бугунги музокаралар олий даражадаги мулоқотларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.

«Ўзбекистоннинг бой тарихи ва маданиятига ҳурмат кўрсатиб, 2016 йил Бухорога борганингиз, аждодларимиз қолдирган бой маданий меросга катта қизиқиш билдирганингиздан хурсандмиз. Ўзбекистон Хитойни қадимий тарих ва ноёб маданият, улкан салоҳиятга эга, жаҳон иқтисодиётининг етакчиларидан бўлган ва ўз мақсадлари йўлида дадил бораётган мамлакат сифатида билади», — деди Мирзиёев.

Музокараларда ўзаро ва кўп томонлама муносабатларга оид долзарб масалалар, жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантириш хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Кенгайтирилган таркибдаги музокарада иқтисодий ва маданий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки давлат раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги учрашувидан сўнг ҳужжат имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Учрашувларда ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, бунда икки давлатнинг минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар бўйича позицияси бир хил ёки ўхшашлиги муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Си Жинпинг Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги Қўшма баёнотни имзоладилар. Ҳукуматлараро техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги, халқаро автомобиль қатнови тўғрисидаги битимлар, умумтаълим мактабларида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга доир лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисидаги ҳукуматлараро ноталар алмашинуви ҳамда ветеринария ва ўсимликлар инспекцияси карантини соҳасида Англашув меморандуми, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъеклари ўртасидаги ҳамкорликни рағбарлантириш бўйича Англашув меморандуми, қишлоқ хўжалиги соҳасида 2018–2020 йилларга мўлжалланган идоралараро алмашинув ҳамкорлик режаси каби қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Эришилган келишувлар Ўзбекистон – Хитой муносабатларини янада ривожлантириш ва икки мамлакат халқларининг фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан ҳам учрашди.

Учрашувда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ҳақида сўз борди.

«Бу ерда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиб келаётган ишбилармонларни кўраётганимдан хурсандман, — деди Ўзбекистон раҳбари. — Биз хитойлик тадбиркорлар билан бирга ишлашдан мамнунмиз».

Президент Хитой бизнес субъектлари Ўзбекистондаги кўплаб янги саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйганини қайд этди.

«Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига энг кўп инвестиция киритаётган давлатлардан биридир. Мамлакатимизда Хитой капитали иштирокидаги 700 дан зиёд компания ва корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йиллар давомида хитойлик сармоядорлар Ўзбекистон иқтисодиётига қарийб 8 миллиард доллар миқдорида инвестиция киритгани барчамизни хурсанд қилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Хитой ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашувда давлатимиз раҳбари 2017 йил якунларига кўра ўзбек-хитой товар айланмаси 5 млрд. долларга етишини таъкидлади. Яқин йиллар ичида мамлакатлар ўзаро савдо ҳажмини 10 млрд. долларга етказиш ниятида, бу 2016 йилги 4,2 млрд. доллардан деярли икки ярим баробар кўпдир.

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, техникавий, энергетика соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини оширишга оид масалалар хусусида сўз юритилди.

 

Президент бугунги кунда Ўзбекистонда самарали фаолият юритаётган хитойлик ишбилармонларга миннатдорлик билдирди, алоқаларни янада ривожлантириш тарафдори эканлигини қайд этди.

Давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳрининг Тянанмэн майдонидаги Халқ қаҳрамонлари ёдгорлиги пойига гул қўйди.

Ёдгорлик баландлиги 37,94 метр, майдони 3 минг квадрат метрни ташкил этади. Монументга Мао Жэдонгнинг «Халқ қаҳрамонларига абадий шарафлар!» деган сўзлари ёзиб қўйилган.

Президентимиз Хитой халқ қаҳрамонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди. 

Хитой Давлат кенгаши бош вазири Ли Кэчианг, халқ вакиллари Умумхитой мажлиси доимий қўмитаси Раиси Чжанг Дэжианг ва бошқа раҳбарлар билан учрашув ва музокараларда ўзаро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва изчил ривожлантиришнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди.

Давлатимиз раҳбари Хитой Миллий нефть-газ корпорацияси директорлар кенгаши раиси Ванг Йилингни қабул қилди.  Мазкур компания Ўзбекистондаги углеводород конларини қидириш ва қазиш, Муборак газ-кимё мажмуасида табиий газни чуқур қайта ишлаш жараёнида фаол иштирок этмоқда.

Учрашувда юқори технологиялар соҳасидаги лойиҳалар ижросининг истиқболлари ва Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига Хитой сармояларини жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Президентимиз ХХР экспорт-импорт банки бошқаруви раиси Ху Сяолианг билан ҳам учрашди. Мазкур банк кредитлари эвазига мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, таълим, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилган.

Давлатимиз раҳбари ўзаро ишончга асосланган икки томон учун ҳам манфаатли бўлган ҳамкорлик алоқаларини изчил ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Ху Сяолианг Ўзбекистон билан инвестициявий алоқаларни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев Пекин шаҳридаги Хитой аэрокосмик илмий-саноат корпорациясига борди ва  у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди. Корпорация раиси Гау Хунг Вей Шавкат Мирзиёевга ишлаб чиқариш жараёни, маҳсулотлар тури, турли давлатлар билан илмий ҳамкорлик натижалари ҳақида сўзлаб берди.

Якшанба кунлари «Ўзбекистон» телеканалида жонли эфирга узатиладиган «Таҳлилнома» ахборот дастурида айтилишича, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитойга давлат ташрифи мобайнида 23 миллиард АҚШ доллари қийматига тенг 105 та иккитомонла ҳужжатлар имзоланган.

 

Давлатимиз раҳбарининг Хитойга давлат ташрифи мобайнида энергетика, нефтни қайта ишлаш, электростанцияларни модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги, нефт-кимё саноати, танспорт коммуникациялари ва бошқа соҳалар бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Хитойда ташкиллаштирилган «Бир макон — бир йўл» халқаро иқтисодий форумида ҳам иштирок этди ва чиқиш қилди. Форум доирасида президентимиз Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ҳам учрашди.

Манба: KUN.UZ

 

 

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив