Зарафшон шаҳар ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими йўл патрул хизмати ходимлари бугундан эътиборан боди-камера (body-camera)лардан фойдаланишни бошлади. 24 нафар йўл патруль хизмати ходимлари боди-камералардан фойдаланган ҳолда хизмат олиб бормоқда.
Боди-камералар қуввати узлуксиз 8 соат ишлашга етади, жазирама ва ёғингарчилик об-ҳаво шароитларида ҳам қўллаш мумкин.
ЙПХ ходимлари билан ҳайдовчилар орасидаги кўплаб зиддиятли, таъмагирлик ҳолатларининг олдини олишда, содир этилган йўл ҳаракати қоидабузарликларига ойдинлик киритилишида боди-камераларнинг ўрни беқиёс.
Маълумот учун, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга 2017 йилги Мурожаатномасида яқин вақт ичида милиция ходимлари елкасига боди-камера тақиб ишлашини маълум қилган эди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2018 йил 1 декабрда қабул қилинган қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан бошлаб йўл ҳаракати қатнашчилари хизматни мобил видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга.