Congue iure curabitur incididunt consequat

ЖАСОРАТ ВА МАРДЛИК УНУТИЛМАЙДИ

ЖАСОРАТ ВА МАРДЛИК УНУТИЛМАЙДИ

Муҳтарам Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари, фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, азиз ҳамшаҳарлар!

Шу кунларда бутун мамлакатимизда Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик” ҳамда “Аждодларни хотирлаш-муқаддас қадрият” шиорлари остида кенг нишонланмоқда. Бу йилги байрам Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 72 йиллиги ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан юртимизда ёши улуғ инсонларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаётган бир пайтда ўтаётгани туфайли янада аҳамиятлидир.

Иккинчи жаҳон уруши садолари тинганига 72 йил тўлган бўлса-да, аммо у қолдирган жароҳат миллионлаб кишилар қалбида ҳануз бир доғдек турибди. Бу даҳшатли қирғинда қарийб беш юз минг юртдошимиз ҳалок бўлганлигини инобатга олсак, эришилган Ғалабанинг қадр-қиммати нечоғлик баланд экани, халқимизнинг фашизмга қарши курашга қўшган ҳиссасининг салмоғи яққол кўз олдимизда гавдаланади. Шу сабабли бу даҳшатли уруш етказган жароҳат хотирамиздан ўчмайди. Ана шу қирғин оқибатида юз минглаб ҳамюртларимиз мажруҳ бўлиб қайтишди, аёлларимиз бева, қанчадан-қанча болалар етим қолишди. Худди шунингдек бугун фронт ортида кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилган матонатли инсонлар жасорати олдида таъзим қилиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Аслини олганда, хотира – бу бугунги тинч-осуда, хотиржам, эркин ҳаёт осонликча қўлга киритилмаганлигини эслатиб турувчи илоҳий бир туйғудир. Биз ана шу қутлуғ айём куни ҳамон сафимизда тетик юрган уруш қатнашчиларига алоҳида эҳтиромимизни изҳор қиламиз. Ҳозирги пайтда шаҳримизда истиқомат қилаётган Нарбатыр Мамбетов, Муҳаммад Саидов, Мавлон Азизов, Екатерина Букина ана шундай кишилардан. Барча зарафшонликлар уларни самимий қадрлайди ва эъзозлайди. Бу азиз инсонларга ҳар куни, ҳар соатда ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш ҳақида яқинда эълон қилинган Фармони ҳам бизга буни яна бир карра эслатиб туради.

Шу кунларда шаҳар ҳокимлиги, Зарафшон шаҳар Кенгаши депутатлари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, қолаверса, Зарафшондаги барча ташкилот, муассаса ва идоралар вакиллари ҳамкорликда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларда нуронийлар ёшларга ўз ҳаёт йўллари, уруш даври машаққатлари ҳақида ҳикоя қилиб, айни пайтда юртимиздаги осойишталик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш зарурлигини уқтиришмоқда. Ёшларимиз онгу шуурига ўтганларни хотирлаш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатларни янада чуқур сингдиришда бундай тадбирларнинг ўрни беқиёс.  

Бугун биз азиз фахрийларимизни – уруш иштирокчилари ва фронт ортида меҳнат қилган мукаррам инсонларни Хотира ва қадрлаш куни билан қутлар эканмиз, уларга яна бир карра ўзимизнинг чуқур ҳурматимиз ҳамда эҳтиромимизни изҳор қиламиз.

Азиз отахонлар ва онахонлар!

Сизларни бу муборак айём билан самимий табриклайман. Ҳар бирингизга узоқ умр, сиҳат-саломатлик, оилангизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.

М.БАЗАРОВ,

Зарафшон шаҳар ҳокими.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив