Congue iure curabitur incididunt consequat

ХОТИРА ЧИРОҒИ ЎЧМАЙДИ

ХОТИРА ЧИРОҒИ ЎЧМАЙДИ

Мазкур шиор остида 9 май – “Хотира ва қадрлаш куни” шаҳримизда кенг нишонланди.

Ушбу сана арафасидаёқ халқимизнинг барча эзгу фазилатлари ёрқин намоён бўлиб, шаҳар ва туманларда тадбир ўтадиган масканлар тозалиги, ободончилигига алоҳида аҳамият қаратилди. Зарафшон шаҳрида манзарали дарахт ҳамда гул кўчатлари ўтқазилди, ҳиёбонлар тартибга келтирилиб, ариқлар тозаланди. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари қўним топган қабрлар обод этилди.

9 май. Эрта тонгдан шаҳримизда истиқомат қилувчи уруш ва меҳнат фахрийлари, жойлардаги жамоат ташкилотлари вакиллари, "Нуроний" жамғармаси бўлими ходимлари ҳамроҳлигида меҳр-мурувват, жасорат, бурч ва матонат байрамининг асосий тадбирларини нишонлаш учун шаҳримиздаги Хотира майдонига йиғилишди.

Тадбирда Зарафшон шаҳар ҳокими М.Базаров сўзга чиқди.

- Иккинчи жаҳон уруши садолари тинганига 72 йил тўлган бўлса-да, аммо у қолдирган жароҳат миллионлаб кишилар қалбида ҳануз бир доғдек турибди. Бу даҳшатли қирғинда қарийб беш юз минг юртдошимиз ҳалок бўлганлигини инобатга олсак, эришилган Ғалабанинг қадр-қиммати нечоғлик баланд экани, халқимизнинг фашизмга қарши курашга қўшган ҳиссасининг салмоғи яққол кўз олдимизда гавдаланади. Шу сабабли бу даҳшатли уруш етказган жароҳат хотирамиздан ўчмайди. Ана шу қирғин оқибатида юз минглаб ҳамюртларимиз мажруҳ бўлиб қайтишди, аёлларимиз бева, қанчадан-қанча болалар етим қолишди. Худди шунингдек бугун фронт ортида кечани кеча, кундузни кундуз демай меҳнат қилган матонатли инсонлар жасорати олдида таъзим қилиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Аслини олганда, хотира – бу бугунги тинч-осуда, хотиржам, эркин ҳаёт осонликча қўлга киритилмаганлигини эслатиб турувчи илоҳий бир туйғудир, - деди ҳоким. - Биз ана шу қутлуғ айём куни ҳамон сафимизда тетик юрган уруш қатнашчиларига алоҳида эҳтиромимизни изҳор қиламиз. Ҳозирги пайтда шаҳримизда истиқомат қилаётган Нарбатыр Мамбетов, Муҳаммад Саидов, Мавлон Азизов, Екатерина Букина ана шундай кишилардан. Барча зарафшонликлар уларни самимий қадрлайди ва эъзозлайди. Бу азиз инсонларга ҳар куни, ҳар соатда ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш ҳақида яқинда эълон қилинган Фармони ҳам бизга буни яна бир карра эслатиб туради.

Шу кунларда шаҳар ҳокимлиги, Зарафшон шаҳар Кенгаши депутатлари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмалари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, қолаверса, Зарафшондаги барча ташкилот, муассаса ва идоралар вакиллари ҳамкорликда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларида уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларда нуронийлар ёшларга ўз ҳаёт йўллари, уруш даври машаққатлари ҳақида ҳикоя қилиб, айни пайтда юртимиздаги осойишталик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш зарурлигини уқтиришмоқда. Ёшларимиз онгу шуурига ўтганларни хотирлаш, тирикларни қадрлашдек инсоний фазилатларни янада чуқур сингдиришда бундай тадбирларнинг ўрни беқиёс.  

Бугун биз азиз фахрийларимизни – уруш иштирокчилари ва фронт ортида меҳнат қилган мукаррам инсонларни Хотира ва қадрлаш куни билан қутлар эканмиз, уларга яна бир карра ўзимизнинг чуқур ҳурматимиз ҳамда эҳтиромимизни изҳор қиламиз, - деди сўзининг охирида шаҳар ҳокими М.Базаров.

Фахрийлар ушбу майдонда яқинда ўрнатилган “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гул қўйиш маросимини бошлаб бердилар. Маросимда шаҳар жамоатчилиги, корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари вакиллари ҳамда "Камолот"чилар иштирок этиб, миллат онаси рамзи пойига гулчамбарлар қўйишди. Бу ерда йиғилганлар ўтганлар хотирасини ёд этишди.

- Шаҳар марказидаги Хотира майдонида уруш қатнашчилари ҳамда фронтортида хизмат қилган мард ўғлонларимиз, азиз онахонларимиз шарафига ўрнатилган Мотамсаро она ҳайкали ўша суронли кунларни ёдга солади, бугунги тинчлик ва осуда ҳаёт қадрига етишга ундайди, - деди шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари О.Ҳакимов. - Бу гўзал ва обод хиёбоннинг барпо этилишида бунёдкор зарафшонликларга ўз миннатдорчилигимизни билдираман. Мазкур маскан бугунги кунда мард ўғлонларнинг буюк жасоратини ёдга солиши билан бирга, бу ерга ташриф буюрувчи аҳоли, айниқса, ёшларни Ватанга муҳаббат, ота-боболари босиб ўтган шонли йўлга эътиқод руҳида тарбиялаш ўчоғи бўлиб хизмат қилади.

Шаҳаримиздаги “Гулобод” хусусий корхонасига қарашли базмгоҳда фахрийлар учун тўкин дастурхон ташкил этилди.

- Бизга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрликлардан беҳад мамнунмиз, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мавлон бобо Адизов. - Шу кунларга етказганига шукур. Айни йигитлик даврим уруш йилларига тўғри келиб, қақшатқич жангларда қатнашдим. Узоқ йиллар турли соҳаларда меҳнат қилдим. Мустақилликнинг ўтган даврида турмушимиз тубдан ўзгарди. Ҳар бир кунимиз тинчликда, омонликда ўтяпти.

Зарафшон ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмлар аскарлари ва зобитлари майдондан шаҳдам қадамлар билан саф тортиб ўтишди. Шаҳримизда фаолият юритаётган спорт мажмуалари тарбияланувчилари ҳам бу маросимда тўпланганларга ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

“Олтин водий” маданият уйи қошидаги гуруҳ ва дасталар ўз дастурлари билан чиқиш қилишди. Тадбирда мустақиллик йиллари урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айлангани эътироф этилди. 

М.ҲУСАНОВ.

Д.БОБОМУРОДОВ.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив