Congue iure curabitur incididunt consequat

Ҳарбийнинг онаси ва рафиқасига осонми?

Бу саволга ҳарбий соҳада фаолият кўрсатаётган ўғлонларнинг оналари ҳамда рафиқаларидан жавоб сўрадик.

Қондиқ АШУРОВА, Зарафшон шаҳри. Уй бекаси: 

– Тўнғич ўғлинг мактабни битиргач дабдурустдан ҳарбий бўламан, деса, кўнглингни хавотир, ғашлик эгалларкан. Худога шукур, уч нафар ўғлим ва бир нафар қизим бор, аммо биз, оналар ўғилларимиз ёнгинамизда бўлишини истаймиз. Шундай қилиб, ўғлим Садриддиннинг истагига қарши бора олмадик. Мактабни тугатгач, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртига ўқишга кирди. Айни кунларда Наманган вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида фаолият кўрсатяпти. 2014 йили оиламизда қувончли воқеа содир бўлди – ўғлимни уйлантирдик. Ҳозирда рафиқаси ва ўғли Муҳаммаджон билан Попда истиқомат қиляпти. Англаганим шу бўлдики, фарзандимиз қаерда бўлмасин, шу юрт учун хизмат қилар экан, ундан кўнглинг тўқ бўлсин экан.

Дилфуза ЖАББОРОВА, Зарафшон шаҳри, “Наврўз” маҳалласи, 13-уй, 26-хонадон. Уй бекаси:

– Яқинда ўғлим Жалил Бекмуродов хизмат қилаётган Тошкент шаҳридаги ИИВга қарашли ҳарбий қисм раҳбарияти томонидан билдирилган миннатдорчилик мактубини ўқиб, бошим кўкка етди. Оналарга ўғли тарбияси учун раҳматнома эшитишдан улкан бахт бўлмаса керак. Айниқса, юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қиламан, дея бел боғлаган фарзанд онаси учун. Фарзандм Жалил кичиклигидан ҳарбий кийимдаги кишиларни кўрса ҳавас билан боқар, баъзи фильм қаҳрамонларига тақлид қиларди. Уларнинг қизиқишларини имкон борича қўллаб-қувватладик. Тўғрисини айтсам ҳарбий хизмат боламни ҳам, шу жумладан, мени ҳам тоблаяпти. Унинг саломатлигини тилаб дуо қилиш, қанот бўлишни шараф ва мажбурият деб биламан.

Муаттархон ҲАЙДАРОВА, Зарафшон шаҳри, “Ёшлик” маҳалласи:

- Асли Фарғона вилоятиданмиз. Бир нафар фарзандимиз бор. Албатта, ҳарбий соҳанинг ўзига яраша тартиб-қоидалари борки, ҳарбий хизматчининг рафиқаси ҳам уларга амал қилиши, турмуш ўртоғини яхшироқ тушуниши ва энг муҳими, ҳар қандай вазиятга тайёр туриши лозим. Ўз-ўзидан бу оилада ҳам қатъий қонун-қоидалар, тартиб-интизом ўрнатилишига сабаб бўларкан. Шунинг учун турмушимизнинг дастлабки йилларида бундай ҳаёт тарзига кўникишим бироз қийин кечди. Чунки, ҳар доим ҳам ёр-биродарларимизнинг тўй-маъракаларига боролмаймиз. Ҳатто хизмат сафарларига кетган пайтида яратгандан тинчлик бўлишини, оиламнинг қўрғони уйга эсон-омон қайтишини тилаб, тунларни бедор ўтказган пайтларим ҳам бўлган. Бироқ, кейинчалик Ватан ҳимоячисининг оиласи ўзининг мақомидек юқори нуфузга эга эканлигини, унга муносиб бўлиш кераклигини англадим. Турмуш ўртоғим нафақат юртини, балки оиласининг ҳам ҳимоячиси эканлигидан фахрлана бошладим.

Нигина НЕГМАТОВА, Зарафшон шаҳри, “Ёшлик” маҳалласи:

– Ҳарбийча ҳаёт тарзи бизни бир-биримизга сирдош, маслакдошга айлантирди. Бир-биримизни қўллаб-қувватлайдиган, ҳар қандай муаммо ва қийинчиликларга биргаликда ечим топадиган бўлдик. Фарзандларим тарбиясида ҳам турмуш ўртоғим анча эътиборли. Вақт топиб бўлса-да, улар билан алоҳида шуғулланишга ҳаракат қиладилар. У киши бир гапни бот-бот такрорлайди: «Бугун нимагаки эришган бўлсам, ҳаммаси сиз туфайли…» Ростини айтсам, шу гапнинг ўзиёқ барча қийинчиликларга ечим бўлади. Тинчлик учун ўз ҳаётини, умрини бахшида этган шарафли касб эгасининг рафиқаси эканимдан фахрланаман.

Ҳа, турмуш ҳеч қачон бир маромда кечмайди. Унинг ўзига хос мураккаб томонлари ва ташвишлари бисёр. Фарзанди ва турмуш ўртоғи, оиласининг келажагини ўйлайдиган аёл ҳар қандай синовларни сабр-қаноат ва тадбиркорлик билан енга олади. Сабрни соябон қилиб, ўз турмушидан қаноатланиб, қийинчиликларни матонат билан енгган аёлни эса ҳаёт албатта, бахт билан сийлайди.

Холида ЖЎРАЕВА.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив