Congue iure curabitur incididunt consequat

ҚАДИМ НАВҚИРОН АЙЁМ

ҚАДИМ НАВҚИРОН АЙЁМ

19-21 март кунлари Қизилқум кенгликларидан бошланган баҳор барчани Наврўз сайилларига чорлади. Кўклам нафасидан чирой очаётган Зарафшон шаҳрида доира, карнай-сурнайнинг шўх садолари янгради. Ҳар тарафда ўйин-кулги, аския-пайровлар авжига чиқди. 

Эрта тонгдан Марказий сайлгоҳда жам бўлган Зарафшон шаҳри аҳли, кекса-ю ёшнинг юзида табассум, дилида эзгу ният – дориламон кунлар шукронаси.

Офтобрўйда қад кўтарган ўтовга бўйлаймиз. Кайвонилар бошчилигида келин салом, ривоят ва топишмоқлар айтади.

- Тўйларимизда миллий урф-одат, анъаналаримиз юз очган, – дейди Қозоқ миллий маданий маркази фаоли Замира Рустамова. - Ҳозир келин кўрманаси бошланади. Кайвони келин салом айтиб, ўтовликларга келинчакнинг ҳурматини билдиради. Токи шу оилада гўдаклар тўғилиб, униб-ўссин, элига, юртига муносиб фарзанд бўлсин. Умри тўкис, ризқи бутун, насибали бўлишини ният қилиб, барча дуога қўл очишади.

Зарафшонлик ҳунарманд Зинат Муқимова атрофига халқни жам қилган давра. Олтмиш ёшдан ошган Зинат опа ёш келинларга миллий ҳунармандчилигимиз ҳақида сўзлаб беряпти. Унинг атрофида қуббали нимча, тилло зарли оёқ кийими, келинчаклар дўпписи ва бежирим тикилган миллий кийимлар.

Бир ёнда йигитлар бир-бирига чап бермай, арқон тортишмоқда. Беллашув авжида. Қизларнинг айтишуви ўйинга жон киритади: "Йигитлар, ғирромлик бўлмасин. Чизиқдан ошган ютқазади. Уни-буни қўйинг-да, ор учун беллашинг".

- Нимасини айтасиз, бугунги сайилга биз таърифини ота-боболаримиздан эшитган ҳақиқий Наврўз кириб келди, – дейди Зарафшон компьютер технологиялари коллежи ўқитувчиси Феруза Эшонқулова. – Беш йил аввал оиламиз билан Қашқадарёдан Зарафшонга кўчиб келгандик. Ташкилот ва муассасалар ёзган дастурхонларни кўрдик. Миллий таомларнинг бетакрорлигини айтмайсизми! Ҳатто Қашқадарёнинг машҳур жизи ҳам бор. Бу йил Наврўз тантаналарининг сайл тарзда ўтказилиши туғилган қишлоғимни эсга солди.

- Халқимизнинг икки кўҳна миллий таоми бор. Бири сумалак бўлса, иккинчиси – ҳалим, – дейди “Кончилар” маҳалласида яшовчи Сардор Шомуродов. - Эътиборли жиҳати шундаки, сумалакни аёллар, кекса онахонлар тайёрлашади. Ҳалим тайёрлаш жараёни эса кўпинча эркакларга хос. Биз яшайдиган 24–уйда яшовчи эркаклар ота-боболаримизнинг қадимий удумига кўра, Наврўз дастурхони учун ҳалим тайёрладик.

Сайилгоҳда қурилган кураш давраси кўплаб ишқивозларни ўзига чорлади. Даврага баковул кириб келди. Ниятидек оқ яктак кийган ёш полвонни қўлидан тутганча давра айланар экан, халққа юзланди.

- Халойиқ, “Ёшлик” маҳалласидан Асадбек полвонга талабгор борми?

Даврани иккинчи қайта айланишда рақиб чиқди – “Наврўз” маҳалласидан Бобомурод полвон. Ёш полвонлар кўҳна удумларга содиқ ҳолда қўл олишдилар. Ҳамманинг кўзи кураш гиламига қадалди. Полвонлар яктак тута кураша кетди. Даврада қўллаб-қувватловчи ҳайқириқлар тинмайди. Кексалар тилида шу гап: "Ҳалол курашинг, полвонлар, давра муқаддас!"

Сайил оралаб юрган киши борки, кўнглидан бир ҳис ўтаётгани аён. Шу элнинг фарзанди бўлганидан ифтихор туймоқда. “Олтин водий” маданият уйи ва “Юлдуз” маданият ва аҳоли дам олиш маркази қошидаги бадиий жамоалар ва яккахон хонандалар қўшиқлар куйлашади. Барча рақсга тўшишган. Миллий маданий марказлар томонидан ўз халқининг урф-одатларини намойиш этиб, лапарлар айтишмоқда. Ҳар қадамда келинсалом. Миллий удумлар, меҳнат ва рўзғор қадриятлари мозийдан сўзлаб турибди. Бугунги айём чин маънода халқимиз учун эзгулик, ҳамжиҳатлик, меҳр-саховат байрами, қадриятларимиз акс этган умумхалқ сайлига айланди.

Наврўз умумхалқ байрами билан зарафшонликларни ва шаҳримиз меҳмонларини шаҳар ҳокими М.Базаров ва Марказий кон бошқармаси директори О.Мустақимов табриклашди.

Мансур ҲУСАНОВ.

Суратлар муаллифи Д.БОБОМУРОДОВ.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив