Энг яхши АРМ мутахассиси
Абдулла Қодирий номидаги вилоят Ахборот–кутубхона марказида “Ахборот – кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси-2017” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда ҳамшаҳримиз, 13-сонли Давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг таянч ахборот-ресурс маркази раҳбари Қундуз Каримова фахрли биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди.
Ушбу танловда вилоятимиздаги олий таълим, ўрта махсус таълими, академик лицей ҳамда халқ таълими муассасаларидаги Ахборот–ресурс марказларининг ходимлари қатнашишди. Иштирокчилар слайдлар орқали касб маҳоратларини намойиш этиш, соҳага оид саволларга жавоб бериш, китобларга шарҳ бериш каби шартлар асосида ўз қобилият ва малакаларини намойиш этишди. Барча шартларни аъло даражада бажарган Қ.Каримова энг юқори баллни тўплади.
- Танлов давомида биз кутубхоначилар касб маҳоратимизни ошириш, соҳага янги иннавацион ғояларни олиб кириш бўйича ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлдик, - дейди Қундуз Каримова. - Мен энг фаол кутубхоначи сифатида бундан кейинги фаолиятимда ҳам барча китоб ихлосмандларининг маънавий озуқа олишларида кўмаклашиш учун бор куч-ғайратимни аямасликка ҳаракат қиламан.
Б.РАЖАБОВА, АРМ раҳбари.