Congue iure curabitur incididunt consequat

АСРЛАРКИ БОҚИЙ НАВОИЙ

АСРЛАРКИ БОҚИЙ НАВОИЙ

Буюк сиймо, маърифатпарвар шоир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан Зарафшон шаҳридаги “Олтин водий” маданият уйида шаҳар жамоатчилиги шеърият ихлосмандлари, ҳаваскор шоирлар, талаба-ёшлар жам бўлдилар. 

Тадбирда сўз олганлар Навоий асарларида кўтарилган ижтимоий ғоялар бугун ҳам ҳаётий эканлигини таъкидладилар. Хусусан, миллий тараққиётимизнинг ҳозирги босқичида маърифатли, фидойи ва юксак ижтимоий фазилатларга эга шахслар барчага ибрат бўлаётир. Айнан улуғ бобомизнинг асарларида акс эттирилганидек, баркамол инсонлар ҳар доим ҳам қадр топиб, эътиборда бўлиб келган. 

- Йиллар ўтгани сари алломанинг улкан мероси ва юксак иқтидори ўз баҳосини топиб бормоқда, - Зарафшон Академик лицейи ўқитувчичи Райҳон Раҳматова. - Буни нималарда кўраяпмиз? Биринчи навбатда, мутафаккирнинг 570 йиллиги арафасида ўн жилдлик мукаммал асарлар тўплами юксак сифат ва кўриниш билан нашр этилди. Ҳозирги кунда бу тўплам кўплаб адабиёт ихлосмандларининг китоб жавонидан ўрин олиб улгурди. Ёки бугунгидек тадбирларнинг барча таълим муассасаларида, жамоат жойларида кенг нишонланишига катта аҳамият берилмоқда. Бир сўз билан айтганда, хоҳ ўқитувчи, хоҳ шифокор, хоҳ тадбиркор бўлсин, онгига, хонадонига Навоий кириб бормоқда, унинг даҳосига ҳурмат ва эҳтиром билан қарамоқда. Аслида ҳам улуғ бобомиз шундай шарафга муносиб.

Тадбир давомида Навоийни ўқимоқ ва уқмоқ ҳар биримизнинг бурчимиз, унинг ғояларига муносиб бўлиш эса масъулиятимиз эканлиги таъкидланди. “Олтин водий” маданият уйи ва “Юлдуз” маданият ва аҳоли дам олиш маскани ижодкорлари ҳамда ўқувчи-ёшлар томонидан аллома қаламига мансуб ғазаллар ва куйга солинган наволар жонли равишда ижро этилди.

Дилшод БОБОМУРОДОВ.

 

БУЮК  ШОИРГА ЭҲТИРОМ

Она юртимиз ўзининг кўплаб буюк алломалари, шоир-у ёзувчилари билан дунёга машҳур бўлганки, улар билан қанча фахрлансак арзийди.

Ўзбек адабий тилининг асосчиси, ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги муносабати билан жойларда маданий маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мактабимизнинг 3-“А” синф ўқувчилари билан ташкил этилган маънавият дарси “Алишер Навоий бобомиз 576 ёшда” мавзусига бағишланди. Тадбирда буюк шоир қаламига мансуб ғазал, рубоий ва ҳикматли сўзлар ўқувчилар тилидан  янгради. Шунингдек, саҳна кўринишлари тадбирга ранг-баранглик бахш  этди.

Тадбирда иштирок этган мактаб манавий-маърифий ишлар бўйича директори ўринбосари Ҳ. Мирзаева ўқувчиларнинг тадбирни ниҳоятда мазмунли ташкил этганлигини эътироф этган ҳолда, мактаб маъмуриятининг миннатдорчилигини билдирди.

Холбоева Г.Н.

2- умумтаълим мактаби бошланғич

синф ўқитувчиси.

Ҳазрат Навоий таваллудининг 576 йиллигига

БОБОМНИНГ ТУҒИЛГАН КУНИ

2002 йил. Режа-дастурга кўра Ҳазрат Мир Алишер Навоий таваллуд кунига тайёргарлик кўряпмиз. Тадбир “Истиқлол” саноат касб-ҳунар коллежида жудаям кўтаринки ўтди. Гуруҳлараро мусобақалар ташкил этилди.  Ўқувчилар билан ўзбек тилининг асосчиси ҳайкалини зиёрат қилишга бордик. Эрталабдан буён биз билан бирга юрган беш яшар ўғлим булардан роса ҳайратланарди. Ҳар бир ўқувчи ва ўқитувчининг сўзларида буюк бобоколонимизнинг туғилган куни ҳақидаги сўзларни эшитавериб ўғлим менга:

-Она, бугун бобомнинг туғилган кунини нишонлаймизми, дастурхон тузаймизми? -  деб қолди. Тасдиқ маъносида бош чайқадим. Кечга томон дилбандим безовта бўла бошлади. Тез-тез дарвозахонага бориб келади. Ўзича кийимларини алмаштирди. Унга қараб тургандим, ўзи гапириб қолди.

- Она, тезроқ бўлинг, меҳмонлар келиб қолмасдан дастурхон тузатайлик, Алишер бобомнинг туғилган куни эсингиздан чиқяптими?, - деди. Унинг безовталигини тушундим. Дастурхон тузатдик. Тенгқур қўшни болаларни меҳмонга чақирдим. Ош еб бўлингач, уларга  Алишер Навоий бобомиз ҳақида гапириб бердим. Ҳазратнинг беш ёшида “Мантиқ ут-тайр” асарини ёд олгани ҳақида ҳам сўзладим. Кейин ҳар бирига ўқиш учун китоблар совға қилдим. Бу санани ҳозир ҳам нишонлаймиз ва ҳар йили бу ҳақда эслаб оламиз...

Ўйлаб қарасам, байрамларни, ўз туғилган кунимизни орзиқиб кутарканмиз, дастурхон тузарканмизу аммо, жаҳонга машҳур бобоколаримиз учун таваллуд кунида, оиламизда ибратли ишларни камроқ амалга оширарканмиз. Менимча, буюк аждодларимиз туғилган кунларни оила даврасида ҳам нишонласак, уларнинг ижодий меросларини ўрганишни фарзандларимизга оилада, ёшлигидан сингдирсак, тарбияда янада кўпроқ ютуқларни қўлга киритган бўламиз!

Ҳамро НАЗАР.

 

НАВОИЙНИ ЁД ЭТИБ...

Ўзбек адабиётининг буюк даҳоси Мир Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда.

Шаҳримиздаги 3-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбир “Навоийни ёд этиб...” деб номланди. Унда мактабнинг 5-6-синф ўқувчилари Элнур Норбоев, Шоҳрух Искандаров, Руслан Рўзимуродов, Озода Андақулова ва Дилноза Ортиқовалар Ҳазрат Мир Алишер Навоий рубоийларидан, ғазалларидан намуналар ўқиб, “Хамса” асаридан кичик кўринишлар намойиш этишди. Айниқса, достонлар қаҳрамонлари Ширин, Лайли, Дилором, Меҳр ва шоирнинг севгилиси  Гулининг ёш жажжилар томонидан талқин этилиши кечага янада файз киритди. 5-синф йигитлари эса баҳру байт орқали тўпланганлар  олқишига сазовор бўлдилар.

Феруза РАВШАНОВА,

3-сонли умумтаълим мактаб ўқитувчиси.

 

ФАСОҲАТ МУЛКИНИНГ СОҲИБИ

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллуди 4-сонли умумтаълим мактабида ҳам кенг нишонланди. 

Ўқувчилар ўртасида “Алишер Навоий - ўзбек адабий тилининг асосчиси”, “Навоий ғазалларининг бадиий мукаммаллиги”, “Хамса”- менинг севимли асарим” мавзуларида диктант ва иншолар танлови ўтказилди. Айниқса, тасвирий санъат ўқитувчилари томонидан  “Алишер Навоий  ҳаёти ва асарларининг сабоқлари” мавзуларида ўтказилган расмлар танловида ўқувчилар фаол иштирок этдилар.

Шунингдек, мактабимизда мутаффаккиримизнинг 576 йиллиги муносабати билан анжуман ўтказилди. Ўзбек тили фани ўқитувчиси Ҳ.Отаёрова,   бошланғич синф ўқитувчиси Г.Қудратовалар очиқ дарслар ташкил этдилар. Унда  буюк сўз соҳибининг ўзбек тили ривожига қўшган улкан хизматлари, айниқса “Хамса” асарининг адабиёт оламидаги энг жозибали ва кенг қамровли асар эканлиги алоҳида таъкидланиб ўтилди. “Хамса” таркибига кирган беш достондан парчалар саҳналаштирилди. Сабоқлар жараёнида ўқувчилар Алишер Навоийнинг ғазал, рубоий, туюқ ва  ҳикматли сўзларидан намуналарни ёд айтишди ва уларнинг мазмун-моҳиятини гапириб бердилар.

Замира  РУСТАМОВА,

4-сонли умумтаълим мактаби

директори вазифасини бажарувчи.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив