Congue iure curabitur incididunt consequat

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ давлат ва аҳоли ўртасида соғлом муносабатни шакллантирмоқда

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ

давлат ва аҳоли ўртасида соғлом муносабатни шакллантирмоқда

Ўтган 2017 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Зарафшон шаҳар Халқ қабулхонасига жами 2 минг 972 та (2 минг 228 та оғзаки, 744 та ёзма) турли мазмундаги мурожаатлар келиб тушган.

Уларнинг 1 минг 409 таси иш билан таъминлаш ҳақидаги мурожаатлардир. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. У ҳам бўлса, ҳудудда жойлашган давлат корхоналарида бўш иш ўринлари мавжуд эмаслиги ҳамда ишлаб чиқарадиган хусусий корхоналар етишмаслигидир.

Айни пайтда Зарафшон шаҳримиздаги Халқ қабулхонасида аҳоли ва давлат идоралари ўртасида соғлом мулоқотни таъминловчи механизм шакллантирилди. Буни Марказий кон бошқармаси ва унинг негизидаги корхона, ташкилотлар мисолида кўришимиз мумкин. Йил давомида зарафшонликларни қийнаб келган бир қанча кўпқаватли уйларнинг том қисми билан боғлиқ, яъни хонадонлардан қор ва ёмғир сувларининг сузиб ўтиши каби муаммоларни бартараф этиш мақсадида Марказий кон ҳамда Уй-жой коммунал бошқармалари масъул ходимлари иштирокида аҳоли билан жойларда сайёр қабуллар уюштирилди. Уларда айрим уйларнинг том қисми тўлиқ таъмирдан чиқарилмаганлиги, пайсалга солиб келинаётган бу юмушлар мутасадди ташкилот раҳбарияти айби билан юзага келаётганлиги айтилиб, вазият ўнгланиши ҳақида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Унга кўра, шаҳар Халқ қабулхонаси ходимлари ташаббуси билан Навоий кон-металлургия комбинати томонидан етарлича маблағ ажратилди. Натижада, ўтган йили 110 та кўпқаватли уйнинг томи жорий ва мукаммал (65 та жорий, 45 та мукаммал) таъмирдан чиқарилиб, муаммодан азият чекаётган ҳамшаҳарларимизнинг оғири енгил бўлди. Бу эса, зарафшонликларнинг давлат идораларига ва шаҳар Халқ қабулхонасига ишончи ортишига сабаб бўлди.

Бу каби хайрли тадбирлар 2017 йил давомида кўплаб амалга оширилди. Масалан, Зарафшон шаҳри, 19-кичик туманида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан худудидаги кўчаларга географик ном бериш масаласи юзасидан мурожаат бўлган. Узоқ йиллардан буён ҳал қилинмасдан келинаётгани мазкур масала шаҳар Халқ қабулхонасининг ташаббуси билан қонуний ҳал қилинди.

Бундан ташқари, 2017 йилнинг 20 августида фуқаро М.Каракулов онаси А.Пердибаеванинг вафот этганлиги учун дафн харажатлари пулини олишга амалий ёрдам кўрсатиш ҳақида мурожаат қилган. М.Каракулов ўзининг мурожаатида 2017 йилнинг апрель ойидан буён ушбу муаммо Зарафшон Қурилиш бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳал қилинмаётганлигини билдирганди. Фуқаронинг мурожаати шаҳар Халқ қабулхонаси ходимларининг аралашуви билан шу куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Фуқаролар О.Ҳалилова, З.Маткаримова ўзлари яшаб келаётган хизмат уйини тўлиқ таъмирдан чиқариш ҳамда уйининг иситиш тизимларини таъмирлашга кўмак беришни сўраб қилган мурожаати Уй-жой коммунал бошқармаси ходимлари томонидан қаноатлантирилди.

Фуқаро В.Гладкихнинг фуқаролик паспортидаги хатоликни тузатмаган шаҳар ИИБ ходимларининг ҳатти-ҳаракатидан норози бўлиб бизга қилган мурожаати ҳам ходимларимиз аралашуви билан ижобий ҳал этилиб, шу куннинг ўзидаёқ фуқаро В.Гладкихга тўловларсиз янги фуқаролик паспорт берилиши таъминланди.

Фуқаро Ю.Балуеванинг “Виза” тўлов пластик карточкасига 500 АҚШ доллари ўтказиб бериш пайсалга солиниб келинаётгани ҳақидаги мурожаати ҳам ТИФ “Миллий банк” Зарафшон филиали ходимлари билан ҳамкорликда ижобий ҳал этилиб, “Виза” тўлов пластик карточкасига 500 АҚШ доллари ўтказиб берилди .

Фуқаро Ш.Зарипов фарзанди Ш.Ҳошимовни Тошкент шаҳридаги онкология марказида даволатиши учун Марказий кон бошқармаси томонидан моддий ёрдам ажратишда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати Зарафшон шаҳар Халқ қабулхонаси ходимлари аралашуви билан Марказий кон бошқармаси касаба уюшмаси томонидан ижобий ҳал қилинди. Беморнинг даволаниши учун 2 миллион сўм миқдорида ёрдам пули ажратилди. Бундай мисолларни бир нечта келтириш мумкин. Масалан, Фуқаро Н.Ҳамдамова АТ “Халқ банки” Зарафшон филиалига қўйган 15 миллион сўмлик омонат пулини қайтариб ололмаётганидан норози бўлиб қилган мурожаати бизнинг аралашувимиз билан бир кун муддат ичида ҳал этилди.

Зарафшон шаҳар Халқ қабулхонасига З.Хакимов бошчилигидаги 25 нафар фуқаро қисқартиришга тушганликлари учун “Ғарбгазтаъминот” унитар корхонаси “Зарафшоншаҳаргаз” филиали томонидан улар билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаётганлигидан норози бўлаётгани ҳақида ариза билан мурожаат қилишган. Уларнинг бу мурожаати тўлиқ ҳал этилди.

Зарафшон шаҳар Халқ қабулхонасига А.Эргашева ва Ҳ.Файзиева сингари кўплаб 1-босқич талабалари таълим кредити олишда айрим тўсиқларга дуч келишаётгани ҳақида ариза билан мурожаат қилишган. Бизнинг аралашувимиз билан 12 нафар биринчи босқич талабага АТ “Асака банк” Зарафшон филиали томонидан таълим кредитлари ажратиб берилди.

Коллеж битирувчиси Фуқаро Ш.Саноев тадбиркорлик билан шуғулланиш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлсада, АТ “Халқ банки” Зарафшон филиалидан савдо кредити олишда қийинчиликка дуч келаётгани юзасидан мурожаат қилган. Аризачининг мурожаати икки кун ичида тўлиқ таъминланди.

Озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан Н.Раззоқовнинг 3-сонли Тиббий санитария қисми ходимлари “Чурра” жарроҳлик амалиётини тиббий хизмат кўрсатиш пуллик, деган баҳонада ўз вақтида ўтказмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати халқ қабулхонаси ходимлари аралашуви билан ижобий ҳал қилиниб, беморда жарроҳлик амалиёти ўтказилиб унинг соғлиги тикланди.

Жойларда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш, мурожаатлар қисқа муддатларда ҳал қилинишига имконият яратди. Фуқароларнинг давлат идораларида эшикма-эшик юриб, сарсон бўлишига чек қўйилди. Энг муҳими аҳолининг ҳақ-ҳуқуқлари Халқ қабулхоналари орқали қисқа муддатларда тикланиши уларнинг давлат идораларига бўлган ишончини янада ошишига сабаб бўлмоқда.

Яна бир янгилик, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказига айлантирилди. Жўмладан, шаҳримизда ҳам шаҳар Халқ қабулхонаси ҳузурида “Ягона дарча” тамойили асосида Давлат хизматлари маркази ташкил қилинди. Айни пайтда тадбиркорларга ва аҳолига тезкор, юқори сифатли давлат хизматлари кўрсатиш  ҳам яхшиланмоқда.    

Э.НУРМУХАМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг Зарафшон шаҳар

Халқ қабулхонаси мудири. 

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив