Congue iure curabitur incididunt consequat

ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР ТАЯНЧИ

ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАР ТАЯНЧИ

Бу йил Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигига 25 йил тўлади. Ўтган чорак асрлик даврда Конституциямиз халқимизнинг асрий ҳуқуқий анъаналари ва жаҳон конституциявий тажрибасининг энг илғор жиҳатларини, принципларини ўзида мужассамлаштирганлигини  амалда намоён этди.

Одатда Конституцияни ҳуқуқий билимларнинг алифбосига қиёслашади. Зеро, у давлатни давлат, миллатни миллат қиладиган муҳим сиёсий-ҳуқуқий ҳужжатдир. Конституциямиз жаҳон харитасида янги мустақил давлат – Ўзбекистон Республикаси пайдо бўлганлигини қонуний мустаҳкамлади. Маълумки, ҳеч бир демократик давлатни Конституциясиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу сабабли Бош Қомусимиз аҳамияти йил сайин ортиб бормоқда. Ҳар қандай давлатнинг Конституцияси унда истиқомат қилаётган халқнинг иродасини, миллий руҳиятини, ижтимоий онги ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини акс эттиради. Шу маънода йиллар ўтган сари Конституция сезиларли даражада мукаммаллашади, маромига етади. Бошқача айтганда, халқнинг фикр хазинаси билан бойитилиши, сайқал топиши натижасида Конституциямиз том маънода халқчил Қомусга айланди.

Бугунги кунда Конституциямиз эски тоталитар, ўзини ҳаётда мутлақо оқламаган, миси чиққан тизимдан воз кечиб, эркин ва замонавий ҳаётимизни ҳар томонлама ҳимоя этилишига хизмат қилмоқда. Албатта, Конституция мутлақ ўзгармас бўлиб, қотиб қолган ҳужжат эмас. У ҳаётга мос ва ҳос равишда, мамлакат тараққиётининг бурилиш паллалари, халқнинг истак-хоҳишлари тақозосига кўра муайян тартибда ўзгариб туради. Бош Қомусимизнинг ҳаётийлиги ҳам аслида ана шунда.

Биз бугунги қутлуғ байрам арафасида мустақиллик йилларида босиб ўтилган йўлга, амалга оширилган ишларга назар ташлар эканмиз кўнглимизда албатта фахр ва ифтихор туйғулари уйғониши муқаррар. Зеро, қўлга киритилган муваффақиятларни маълум маънода шаҳримиз мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Шаҳримиздаги ҳар бир маориф масканлари янги, замонавий биноларда жойлашганлиги, аҳолига тиббий хизматни яхшилаш мақсадида янги шифо масканлари ва муассасалари очилаётганлиги, ана шу мўъжаз шаҳримизнинг ўзида уч юздан зиёд тадбиркорлик субъектларининг фаолият кўрсатаётганлиги, фарзандларимизнинг соғлом, баркамол бўлиб вояга етишларида муҳим аҳамият касб этадиган спорт иншоотларининг ишлаб турганлиги – буларнинг барчаси ҳаётимизнинг Бош Қомусида белгиланган принципларни ва жамиятимиз аъзолари учун кафолатланган ҳақ-ҳуқуқларининг амалга ошиши эмасми?  

Конституциянинг нормаларини нималар ҳаракатга келтиради? Албатта, қонунга итоатгўйлик. У жамиятнинг барча аъзолари Конституцияни билишларини қатъий талаб этади. Юртимизда демократик, конституциявий, ҳуқуқий тузумни мустаҳкамлаш, одамлар онгида Конституцияга, ҳуқуқ ва қонунга нисбатан ҳурматни ҳамда ватанпарварликни қарор топтириш, булар – тобора янгиланиб бораётган Ўзбекистон тараққиётининг таркибий қисмларидир.

Конституцияга ҳурмат ва меҳр Ватанга, ўз халқига садоқатни келтириб чиқаради. Бу эса ҳаётимизнинг мезони бўлган Конституцияни чуқур ўрганишни, унинг маъносига етиб, амалий ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришни тақозо этади. Агар гапни мухтасар қиладиган бўлсак, Конституция – бу истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи. Конституция биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъий назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя, демакдир. У нафақат бугунги кунимиз Қомуси балки эртанги кунимизни, йўлимизни ёритиб турувчи нурли маёқ ҳамдир.

Барчангизни ана шу муборак сана – 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун билан табриклайман. Оилангизга фаровонлик, ишларингизга муваффақият, ҳаёт йўлингиз ҳамиша нурафшон бўлишини тилайман.

М.БАЗАРОВ,

Зарафшон шаҳар ҳокими.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив