Congue iure curabitur incididunt consequat

МАРДЛИККА ЧОРЛОВЧИ ФЕСТИВАЛ

МАРДЛИККА ЧОРЛОВЧИ ФЕСТИВАЛ

8 январ куни Навоий шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Миллий армиямиз - ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида ўтказилган “Армия ва ёшлар” фестивали тўпланганлар қалбини ҳаяжону ҳавасга тўлдиргани билан эсда қолди.

Эрта тонгдан тадбирлар ўтадиган масканлар ҳарбий хизматчилар, олий ўқув юртлари талабалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ота-оналар билан гавжум бўлди.

Тадбирнинг расмий очилиш маросимида вилоят ҳокими К.Турсунов, Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони О.Саидов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Ж.Ходжаев сўзга чиқиб, мамлакатимиз ҳудудий яхлитлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армиямиз шакллангани ва тобора такомиллашиб бораётганини таъкидлашди.

Фестиваль ҳарбий техника воситалари, мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилотининг спорт-транспорт воситалари ва ҳарбий хизматчиларнинг Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида сафда юриши намойиши билан бошланди.

Маросимдан кейин ҳарбий карабинчилар гуруҳлари ва ҳарбий қисм хизматчиларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари мажмуада ташкил этилган ҳарбий-техника воситалари, қурол-аслаҳа кўргазмаси, ҳарбий дала ошхонаси ва тиббиёт пунктининг фаолияти билан  танишди.

– Тўғрси, бирон ерда қурол кўтарган аскарни ёки ҳарбий техникани кўриб қолсак, ваҳимага тушиб, тинчликмикан деган хавотирда бўлардик, – дейди ҳамшаҳримиз З.Худойқулов. – Бугунги тадбирдан хабар топиб, набираларимни томошага олиб келдим. Ҳукуматимиз ёшларнинг ҳарбийликка иштиёқини оширишнинг самарали усулини топгани мени хурсанд қилди. Бу ерга тўпланганларнинг барчаси ҳарбий техникалар, қурол-яроғ ва бошқа воситалар билан танишди, аскар ва офицерлар, курсантлар билан суҳбатлашишди. Армия ва халқимиз ўртасидаги очиқ муносабатни таъминлаган бу тадбир келажакда юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қодир мард йигитларни тарбиялашга хизмат қилади.

Фестиваль доирасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва уларнинг жисмоний чиниқишини таъминлаш мақсадида марафон ҳам ташкил этилди. Унда старт олган етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган юртдошларимиз финиш чизиғига қадар югуриб ўтдилар. Марафон ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

– Марафонда биринчи ўринни қўлга киритдим, – дейди Навоий олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Д.Бобоқулов. – Қуролли Кучларимиз салоҳиятини акс эттирувчи техникалар, қурол-аслаҳа ва бошқа жиҳозлар билан танишиш орқали армия ҳақидаги тасаввурим анча бойиди.

Минглаб навоийликлар гувоҳлигида ўтган тадбирларда “Энг катта ёшли югурувчи”, “Марафон гўзали”, “Энг фаол қиз бола”, “Энг фаол ўғил бола”, “Энг ёш қиз бола”, “Энг ёш ўғил бола”, “Энг фаол спорт мактаби”, “Энг фаол олий ўқув юрти”, “Энг фаол коллеж”, “Энг фаол мактаб” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

Фестиваль вилоят санъаткорларининг концерт дастури билан якунланди.

М.УСАНОВ.

С.АСЛОНОВ олган суратлар.

скачать dle 11.1смотреть фильмы бесплатно

Ўхшаш янгиликлар

Изоҳ қолдириш

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив